Бугун барчанинг оғзида бир гап - 3 ёшли норасида шавқатсизларча ўлдирилган.
Россияда туғилган ва боқиб олиниб, АҚШга ўғил сифатида олиб кетилган Максим Кузминнинг ўлими бутун жамоатчиликни ларзага солмоқда. Мазкур фожеа Россиядан АҚШга олиб кетилган гўдаклар ўлими билан боғлиқ йигирманчи ҳодисадир. РИА Новостининг хабар беришича, бу мудхиш воқеа ҳақида болакайнинг ватани фожеа содир бўлган кундан бир ой ўтгандан кейингина хабар топган. АҚШ ҳукумати жиноятни беркитиб, унга кўз юмганлиги айтилмоқда.
Маълум бўлишича, Максим Кузьминни ўз қаромоғига олган техаслик ўгай она уни "Риспердал" – кучли таъсир этувчи психотроп препарати билан «озиқлантирган». Маълумотларга қараганда, ушбу моддани шизофренияга чалинган катта ёшли беморлар қабул қилади. Бу ҳам етмагандек норасида болакай бир неча маротаба ўгай она томонидан қаттиқ калтакланган. Сўнгги марта кучли дўппосланган Максим оғир зарбага дош беролмаган. Қилар ишни қилиб қўйган «она» «тез ёрдам» тиббий хизмати машинасини чақиришга ҳам ботина олган. Бироқ аллақачон болакайнинг жони узилган эди. Экспертиза хулосаларига қараганда, кичкинтойнинг боши ва оёқлари қаттиқ шикастланган, қорин бўшлиғи ва ички органларига кучли зиён етган.
Максим Кузьмин Псков вилоятидаги Печор болалар уйидан боқиб олинган эди. Эслатиб ўтамиз, айнан шу болалар уйидан 2008 йилда АҚШга ўғил қилиб олиб кетилган икки ёшли Дима Яковлев исмли болакай орадан уч ой ўтгач оламдан ўтган эди. Хабарларга қараганда, унинг тутинган отаси Майлс Харрисон болакайни ёпиқ машинада 50 даражали жазирамада 9 соат қолдирган. Ушбу бахтсиз ҳодисадан сўнг Америка оилалари томонидан Россиядан бола боқиб олишни тақиқлаш тўғрисида «Дима Яковлев қонуни» қабул қилинган эди. Шўрпешона Максим эса мазкур қарор қабул қилинишидан ярим йил аввал 2012 йилда боқиб олинган.
Максим Кузьмин билан боғлиқ қотиллик шу йилнинг 21 январида содир бўлган. Маълум вақт ўтгач, Россиянинг АҚШдаги элчихонаси воқеа ҳақида хабар топган ва АҚШ давлат департаментига ҳодиса сабабларини ўрганиш учун ёрдам сўраб мурожаат этган. Аммо уларнинг илтимоси жавобсиз қолган.
Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Константин Долговнинг айтишича, айбдорлар қаттиқ жазоланиши лозим, шу боис Россия ҳукуматининг ўзи бу ишни назорат қилиб бораётир.
Россия қидирув қўмитаси мазкур қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатиб, ҳалок бўлган боланинг ўгай онасини халқаро қидирувга бергани ҳақида маълум қилган.
АҚШнинг Техас штати болаларни ҳимоя қилиш хизмати маълумотларига қараганда, Максим Кузьминга Америкада Макс Алан Шато (Max Alan Shatto) исми берилган. Болакай психотроп препаратлар ичиш лозим бўлган ҳеч қандай касаллик билан оғримас эди. Бироқ унда юрак хасталиги бор эди.
Алан ва Лаура Шатолар оиласида Максимдан ташқари унинг кичик укаси Кирилл ҳам бор. Псков вилояти маъмурияти Кириллни Россияга қайтариш учун ва бу ерда янги ишончли оилага эга бўлиши учун барча саъй-ҳаракатни амалга оширишни ваъда қилмоқда. Ҳозирда ўнга яқин оила Кириллни боқиб олиш истагини билдирмоқда. «Кирилл Кузьминни АҚШда қолдириб бўлмайди. Уни зудлик билан ватанига қайтариш керак. Айни вақтдаги суриштирув жараёнларида бола қўлма-қўл бўлиб, янада кучлироқ зиён кўриши мумкин. У мушук ёки ит эмас. Шу туфайли Кирилл Псков вилоятига қайтарилиши зарур», - деди вилоят губернатори Андрей Турчак. Россия Давлат Думасида ҳам айни сўзлар айтилмоқда. Ҳозирда етим болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг хориж оилалари томонидан боқиб олинишига бутунлай чек қўйиш, айни дамда хориж оилаларида зўравонлик кўраётган болаларни аниқлаб, уларни қайтариб олиш ва боқиб олинган Россия болакайларининг ҳаётини назорат қилиб бориш бўйича жиддий чора-тадбирларни амалга ошириш устида бош қотирилмоқда.
Шунча вақт ўтса-да, АҚШ ҳукуматининг бу борада ҳеч қандай чора кўрмагани Россияда катта норозигарчилик келтириб чиқармоқда.